ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Парламент эшитуви: Ахборот тарқатиш соҳасидаги муаммолар нега бунча кўпаймоқда? 12.09.2019

Парламент эшитуви: Ахборот тарқатиш соҳасидаги муаммолар нега бунча кўпаймоқда?

Ахборот асрининг қулайликлари яққол намоён бўлаётган бугунги кунда унинг ўзига яраша муаммолари ҳам бўй кўрсатмоқда. Натижада ёлғонга асосланган, шов-шув кўтарувчи, ўзгалар шаъни ва қадр-қимматини топтайдиган, фуқаролар шахсий ҳаётига дахл қиладиган ахборотлар тарқалиши ҳам одатий ҳолга айланмоқда.

Тобора ўткирлашиб бораётган ана шу муаммодан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 17 август куни ўтказилган мажлисида депутатлар томонидан ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган парламент эшитувини ўтказиш ҳақидаги масала кўтарилиб, қарор қабул қилинган эди.

Шу асосда 2019 йил 12 сентябрь куни парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари депутатларидан иборат Демократик кучлар блоки ташаббуси билан “Ахборот тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш” мавзусида парламент эшитуви ўтказилди.

Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамият ҳаётининг турли жабҳаларини такомиллаштириш учун улкан имкониятлар яратиб бермоқда.

Миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиши билан бирга, оммавий ахборот воситалари ёрдамида жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга ҳам имкон яратди.

Дарҳақиқат, депутатлар қайд этганидек, миллий ахборот соҳасининг ривожланиши баробарида демократик ўзгаришлар билан бирга, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари бузилиши ва яна бир қатор жиддий муаммолар ҳам кўзга ташлана бошлади. Бугунги кунда ташқи ва ички ахборот таҳдидларнинг кучайиб бориши давлат ва жамият барқарорлиги учун потенциал хатарга айланиб, барқарор ривожланиш жараёнларига тўсқинлик қилмоқда ҳамда шахс, давлат ва жамоатчилик ахборот хавфсизлигининг бузилишига олиб келмоқда.

Бугунги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири — интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий тарқатилишидир.

Албатта, қонун доирасида фаолият кўрсатаётган ва ўз чиқишлари билан нафақат маънавий, балки муайян масалаларда моддий наф келтираётган контентлар, хусусан, фаол блогерлар жонкуярлиги ҳам таҳсинга сазовор. Лекин шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардан, тезкор хабарларни тарқатиш техник майдончаларидан, оммавий ахборотларни тарқатиш мессенжерларидан фуқароларнинг шахсга доир ҳуқуқлари, уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг конфеденциаллиги қўпол равишда бузилган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Интернет тармоғида шахсини аниқлаб бўлмаслиги имкониятидан фойдаланиб, айрим фойдаланувчилар қонунларда таъқиқланган ҳақорат ва туҳматга асосланган ахборотларни тарқатмоқда.

Энг хавфлиси, балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар учун ҳам бундай нолегал ахборотларнинг тарқатилаётганидир. Ёшлар улғайишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар интернет тармоғидаги қонунга хилоф равишда тарқатилаётган ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқда.

Нолегал ахборотлар тарқатилиши жараёнларига қарши кескин курашиш учун тегишли давлат органларининг аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳаракатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда белгиланган қоидалар амалиётининг самарадорлигини таъминлашни талаб этади.

Парламент эшитуви доирасида миллий ахборот маконини янада барқарор ривожлантириш мақсадида ахборот соҳасининг миллий қонунчилигини оптималлаштириш йўллари муҳокама қилинди. Бунинг учун тегишли давлат хокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимларини жалб қилган ҳолда, ҳукумат аъзоларининг ахборотини мунтазам эшитиб бориш амалиётини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

Парламент вакиллари ушбу масаланинг бугунги кун учун ниҳоятда долзарблик касб этаётганини инобатга олган ҳолда, фақатгина Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти билан чекланмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳам бу масалага муносабатини эшитиш имконияти яратилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Боиси, тадбирда ахборот соҳасини ривожлантиришга, ахборот хавфсизлигини таъминлашга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан химоя қилишга масъул ваколатли органларнинг фаолияти таҳлил қилинди, айни жабҳада самарасиз ишлаётган муассасалар танқид остига олинди. Айниқса, ёшлар муҳитида таълим-тарбия жараёнлари ҳали-ҳануз ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳамда назоратсиз ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайишидаги ўзгаришлар инобатга олинмай келинаётгани таассуф билан қайд этиб ўтилди. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва таълим муассасалари қонун ҳужжатлари билан юклатилган, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган, таълим муассасалари фаолиятига замонавий дастур ва методикаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш бўйича вазифаларни бажармаётгани асосли далиллар билан кўрсатиб ўтилди.

Депутатларнинг фикрича, таҳлиллар фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш, миллий маданият ва қадриятларни менсимаслик, давлат ҳокимияти институтларига очиқдан-очиқ ҳурматсизлик ҳамда ахлоқ меъёрларига зид контентларни тарғиб қилишга қарши курашиш бўйича давлат органларининг аниқ мақсадга йўналтирилган ҳамда тизимли ишлари йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда.

Сўнгги вақтларда айниқса жамият истеъмолидаги ахборот маҳсулотлари сифатининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Телеканалларнинг аудитория тижорий қизиқишларига асосланган сифати ва савияси паст телесериаллар, дастурларни намойиш этишга оммавий ўтиши миллий ахборот макони ҳолатини сезиларли даражада ёмонлаштиряпти.

Йиғилиш жараёнида, шунингдек, миллий босма оммавий ахборот воситаларининг рақобатбардошлиги, уларнинг жамоатчилик фикрини шакллантириш жараёнларига таъсир даражаси пасайиб кетгани ҳам аниқ далиллар асосида айтиб ўтилди.

Ваколатли давлат органлари ахборот соҳасини ривожлантириш сиёсатини фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш борасидаги ишлардан ўзларини четга олиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди. Улар томонидан ушбу соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун жамоатчилик имкониятларини жалб қилиш, долзарб, ишончни қозонадиган ахборот материалларини яратиш борасида зарурий шароитлар яратилмаган.

Қизғин баҳс-мунозара руҳида кечган парламент эшитувида депутатлар масъул вазирлик ва идоралар томонидан муҳокама қилинаётган масала доирасида амалга оширилаётган ишлари самарадорлиги пастлиги хавотирга солаётганини таъкидлаб ўтишди.

Эшитув якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кўтарилган масала юзасидан ўз ечимини кутаётган масалалар, кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қамраб олган, соҳада амалий парламент назоратини кучайтиришга қаратилган қарори қабул қилинди.



www.parliament.gov.uz


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz