ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


10.10.2019

Миллий қадриятларимиз ифодаси – “Подшойи” тарихига назар



Одамзод ер юзида пайдо бўлган дастлабки даврларда яъни милоддан аввалги 3,5-2 млн. йилликда об-ҳаво анча илиқ бўлган. Натижада инсон дастлаб дарахт япроқлари ва пўстлоқларидан кийим сифатида фойдаланган. Аммо илк палеолит (яъни қадимги тош) даврининг сўнгги босқичида яъни милоддан олдинги 100 минг йилликда бутун ер юзига шимолдан муз бостириб кириб, тарихда музлик даври деб аталган давр бошланган. Одамзод ўз жонини ва тўда аҳлини асраш учун табиий олов воситасида жон сақлаган. Ҳайвонлар терисидан кийим ўрнида фойдалана бошлаган. Ов овлаш ва ўзини йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қилиш учун одамзод ўткир қиррали тош ёки суякдан баргсимон учлик – узун ёғоч найзани кашф қилиб, унинг ёрдамида катта-катта ҳайвонларни овлаган ва бу ҳайвонлар терисини кийим сифатида кийса, унинг кучи ҳам ўзига ўтишига ишонган. Шу тариқа биринчи ибтидоий эътиқодий қарашлар ҳам шакллана бошлаган. Замонавий одам (краманьонлар) суякдан игна ясаган ва дастлабки ҳайвон терисининг у ер, бу еридан тикиб, кийим қилиб кийганлар.

Сўнгги палеолит даврида яъни мил.ав. 40-12 минг йилликда музлар эриб, ҳаво илиқ ва аста-секин ер юзида тўрт фаслни ўзида намоён этувчи об-ҳаво барқарор бўла бошлаган. Мезолит (ўрта тош –мил.ав.12-7 минг йилликда) даврида ҳаво илиб, неча минг йиллик музлик даврида ер остида яшаб келган майда кемирувчи жониворлар ер юзасига чиқиб яшай бошлаганидан сўнг уларни тутиш учун одамзод ўқ-ёйни кашф қилди. Натижада одамзод мўйнали ва бошқа майда кемирувчи жониворлар териларидан кийим кия бошлаган.

Мезолит даврида одамзод Олд Осиёда ибтидоий зироатчиликни кашф этганидан сўнг, ёввойи ўсимликларни маданийлаштириш ҳамда ҳайвонларни хонакилаштириш жараёни содир бўлди. Янги тош даврига келиб (неолит даври-мил.ав.6-4 минг йиллик) одамзод энди ишлаб чиқариш хўжалигига асос солди яъни ўз қўли билан табиатга таъсир қилиб, маҳсулот ярата бошлади: кулолчилик, тўқимачилик, тикувчилик алоҳида касб ва соҳа сифатида шаклланди. Ҳудди шу даврда инсон энди табиатда ёввойи ҳолда учрайдиган каноп ва зиғир ўсимлигидан мато тўқиб, ундан кийим тикиб кия бошлади. Аслида матодан кийим тикиш шу тариқа неолит даврида алоҳида соҳа сифатида шаклланган.

Энеолит даврида (мис-тош даври-мил.ав. 4-3,5 минг йиллик) матога гул босиш қолиплари кашф этилган бўлса, бронза (жез –мил. ав. 3,5-2 минг й.) даврида матоларни чиройли гуллар чизилган қолиплар билан гул босиш, темир (мил.ав. 1 минг йиллик) даврида эса матони ўзини турли хил иплар ёрдамида турли рангли нақшлар бериб тўқиш усуллари кашф этилди. Мил. ав. 1 минг йилликда яъни темир даврида Ўрта Осиёда илк давлатлар вужудга келди. Бу ҳақда Ўрта Осиё тарихидаги биринчи ёзма манба-Авестодан билиб олишимиз мумкин. Унда келтирилишича, дастлаб ер юзидаги биринчи одам Ийим ва биринчи подшо Жамшид бўлиб, у инсонларга вара яъни уй (бошпана) қуриб, унда яшашни ва кийим кийишни ўргатган биринчи инсондир.

Зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да келтирилишича, Ўрта Осиёда энг қадимги давлатлар: Айраманвейжо-яъни Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтриядир. Бу ўлкаларнинг халқлари тили, кийимлари ва урф-одатлари билан бир-биридан фарқ қилган. Масалан, ўтроқ халқлар бўлган хоразмликлар кўпроқ тақинчоқлар ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган кийимлар кийган бўлса, сўғдликлар асосан кашталар билан безатилган ёрқин рангли кийимлар, бақтрияликлар эса аслида чорвадор ва жанговар халқ бўлганлиги учун теридан кўпроқ ҳарбий кийимларга ўхшаш кийимлар кийган.

Ипак матолар дастлаб Хитойдан, кейинчалик яъни милодий VI асрдан бошлаб савдогарлар орқали Хиндистондан “Роҳати бадан”, “Шабнам” деб аталувчи юпқа, ҳарир ипак матолар келтирилиб, маликалар ва ҳукмдорлар учун кийимлар тайёрлана бошланди. Шундай қилиб ипак аслзодалар кийимига айланди. Хоразмда эса, ипак матоси “жаммоб” деб аталган тўқувчи уста томонидан “дукон” деб аталган тўқиш станогида тўқилган ва энг яхши ипак матоси узук кўзидан ўтиши шарт бўлган. Хоразмда халқ оғзида шундай бир ривоят юради: Эмишки, Хива хонларидан бири Мадримхон (Муҳаммад Раҳимхон I) ёмғирдан сўнг ҳовуз бўйида сайр қилишни ҳуш кўраркан. Иттифоқо бир куни у ҳовуз бўйида айланиб юрганида, ҳовуз сувида жилоланиб турган камалакнинг етти хил рангига кўзи тушади ва дарҳол жаммобни ҳузурига келтиришларини сўрайди. Жаммоб келганидан сўнг, у ҳовуз сувига тош ташлаб рангларни аралаштириб юборади ва сувда абрсимон (булутсимон) шакл ҳосил бўлади. Шунда подишоҳ жаммобга қараб: худди шу жило ва нақшни матода акс эттира оласанми? - дея сўрайди. Бунга жавобан жаммоб акс эттира олишини ва бунинг учун вақт кераклигини айтади. Подишоҳ унга розилик билдиради. Орадан роппа-роса бир ой вақт ўтганидан сўнг, жаммоб ипакдан тўқилган бир кийимлик шойи матосини ҳукмдорга келтиради. Бу мато шу қадар гўзал ва жилвакор эдики, ҳатто подишоҳ ҳам бунга тан беради ва сўрайди: бу гўзал матога нима деб ном бердинг? Шунда жаммоб: бу матони “подшойи” деб атадим, чунки асли буни мен тўқиган бўлсамда, ижодкори сизсиз, - дейди. Жаммобнинг жавобидан ҳурсанд бўлган ҳукмдор уни кўп туҳфалар билан сийлаб, бу каби матони барча саройдаги аслзода хонимларга тўқиб бериш лозимлигини айтади. Шундай қилиб “подшойи” аслзода сарой “бика”ларининг кийимига айланади. Матонинг довруғи етти иқлимга тарқалади. Барча ҳудудлардан жаммоб ёнига ушбу матони тўқилиш сирларини ўрганиш учун шогирдлар кела бошлайди. Шундай қилиб Хива жаммобларидан Назар жаммоб, Рейма жаммоблар номи машҳур бўлиб кетади. Жаммоблар ипак мато тўқиш учун хом ашёни Хонқанинг Дургадик қишлоғидан (камроқ миқдорда) ҳамда Бухородан ва Фарғонанинг Марғилон шаҳридан келтиришади. Назар жаммобнинг шогирди Фарғоналик Муҳаммад али ҳам уста тўқувчидан подшойи тўқиш усулларини ўрганиб олиб, усталикка ўтиш даврида устозидан фотиҳа олиш учун халқ тилида унинг номи билан машҳур бўлган “Мадали белбоғ” деб ном олган пушти белбоғ тўқийди. Бу белбоғ оддий косиб ва ҳунармандлар ўртасида кенг тарқалиб, вақт ўтиши билан куёв белбоғга айланади. Шу вақтдан бошлаб энди оддий халқ ҳам ипакдан кийим кия бошлаган. Ҳар бир уйда момоларимиз қўзоқ деб аталган дуконда без (бўз) тўқиб, оиладаги ҳар бир инсонни кийим билан ўзлари таъминлашган.

1920 йилда Хивада хонлик тузуми ағдарилгандан сўнг, жаммоблар учун буюртмачи йўқлиги сабабли улар артелларга ишга кириб кетиб, аста-секин подшойи матоси ишлаб чиқариш ҳам унутилган. Аммо Фарғона водийсида эса хом ашё мўллиги туфайли давлат томонидан артелларда ипак мато ишлаб чиқариш ривожлантирилган. Шундай қилиб Марғилон атлас, адрас ишлаб чиқариш марказига айланди. Эндиликда бутун водий гўзал Ўзбекистонимизни атласу-адраслар билан таъминламоқда. Бизнинг қўли гул, чевар тикувчиларимиз атлас ва адрас матоларидан гўзал ва бетакрор намуналар яратиб, халқимиз олқишига сазовор бўлмоқдалар.

Мустақил Ўзбекистонимизда гўзал ва боқий қадриятларимиз ифодаси – миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва айнан атласу-адраслар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Касаначилик, оилавий тадбиркорлик, миллийлигимизни, ўзбеклигимизни тараннум қилувчи қадриятларимиз янада юксалмоқда, бунга мисол қилиб яқинда Қўқон шаҳрида ўтказилган Миллий ҳунармандчилик фестивалини айтишимиз мумкин. Бу каби фестиваллар ва кўрик-танловлар миллий ўзлигимизни англатувчи ўлмас қадриятларимизни бой маданий меросга айлантириб, келажак авлодга етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.



Шоира Нуруллаева,
Урганч давлат университети доценти,
тарих фанлари номзоди,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши фаоли



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz