ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


24.06.2019

Кутубхоналарга бўлган эътибор янада кучайтирилади

 

Кутубхона азал азалдан инсонларнинг маънавият ўчоғи, билим ошириш маскани сифатида хизмат қилиб келган. Инсоният томонидан ёзув, битиклар ёзиш ихтиро қилингач, ушбу битикларни бир жойга жамлаш, фойдаланиш учун қулайлик яратиш ҳамда кейинги авлодларга етказиш масаласи келиб чиққан ва натижада кутубхоналар ташкил қилинган. Тарихий манбааларга асосланадиган бўлсак, илк кутубхона милоддан аввалги 2 минг йилликда вужудга келиб, ёзувлар сопол битикларда ёзилган. Милоддан аввалги VII аср ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда, қадимги Миср ва Рим ибодатхоналарида кутубхоналар ташкил этилган.

Ўрта асрларга келиб, Марказий Осиёда илм-фан ривожланди ва табиийки, бу даврларда кутубхоналарга бўлган эътибор ҳам кучайди. Кутубхоналар саройларда, мадраса ва масжидларда жойлашган бўлиб, илми-толиблар асосий вақтларини ушбу масканда ўтказганлар. Бу ҳодиса ўша даврда кўплаб олиму-фузалоларни етишиб чиқишига, илм-фан ва адабиёт ривожланишига хизмат қилган.

Даврлар ўтгани сари кутубхоналарга бўлган эътибор кучайиб, йилдан йилга замон талабидан келиб чиққан ҳолда, кутубхоналарда қўшимча имкониятлар ва хизматлар яратилиб такомиллашиб борди. Кутубхоналарни замонга мос равишда ривожлантириб бориш ҳар бир жамиятда энг долзарб вазифа сифатида кун тартибида биринчи ўринга чиқарилади.

Хусусан, бизнинг мамлакатда ҳам кутубхоналарни ташкил этиш, китоб мутолаасига аҳолини, айниқса ёш авлодни қизиқтириш масалаларига алоҳида эътибор бериб келинган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам айнан шу масала юзасидан жорий йилнинг бошида республикада фаолият юритиб келаётган ахборот-кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказларини жойига бориб ўрганди.

Табиий савол туғилади, нега айнан партия томонидан бу масала бутун республика бўйича ўрганилди? Маълумки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 2014 йилда сайловларга киришар экан, ўз олдига жамият ҳаётида энг долзарб бўлган масалаларни ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб олди. Хусусан, партиянинг сайловолди Платформасида камол топиб келаётган авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбаачилик маҳсулотларига қизиқишини кучайтириш, уларнинг маънавий юксалишига кўмаклашадиган маънавий-маърифий марказларни ташкил этиш белгиланган.

Партия Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлари томонидан “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг жойлардаги ижроси ҳолати ўрганилиб, таҳлилий маълумот ва таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда тегишли идораларга юборилди.

Таъкидлаш жоизки, ўрганишлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 14 та ахборот-кутубхона марказларида, ҳудудлардаги олий ўқув юртларидаги 55 та, касб-ҳунар коллежларидаги 850 та ҳамда умумтаълим мактабларидаги 576 та ахборот-ресурс марказларида амалга оширилди ва муаммолар аниқланди.

Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги ахборот-ресурс марказларининг жами китоб фонди 30 599 016 тани ташкил этиши аниқланди. Ахборот-ресурс марказларининг 64 таси ўз биноси мавжуд эмаслиги сабабли, ижара асосида фаолият юритаётган бўлса, 262 та марказга алоҳида бино ажратилишига эҳтиёж мавжуд. Марказларнинг 194 тасида ўқув зали мавжуд эмас, 157 та марказда китоб сақлаш режим талабларига жавоб бермайди, 342 та марказлар Интернет тармоғига уланмаган.

Ахборот-ресурс марказлари аҳолига ахборот-кутубхона фаолиятини амалга ошириб, уларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилиши қонун билан белгиланган бўлсада, аксарият марказларга аҳолининг тўсиқсиз кириш имконияти яратилмаган. Чунки, ахборот-ресурс марказлари таълим муассасаларида жойлашган бўлиб, уларда фақатгина таълим муассасасида таълим олаётганларга хизмат кўрсатиши керак деган тасаввур мавжуд.

Ўрганишлар давомида яна бир қизиқ масалага дуч келинди. Тошкент вилояти учун хизмат қиладиган “Турон” ахборот-кутубхона маркази ўзига яраша тарихий аҳамиятга эга бўлиб, ушбу зиё масканини маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний ташаббуси билан бундан юз йил муқаддам ташкил этилган. Кейинги йигирма йил давомида марказ манзили тўрт марта ўзгарган бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесидаги саноатлашган ҳудуд ҳисобланган Қурувчилар кўчаси, 1-уйда фаолият юритмоқда. Юз йиллик тарихга эга бўлган кутубхонанинг тўрт маротаба кўчирилишида миллий маданий меросимиз бўлган китобларнинг қай аҳволга келганлигини тасаввур қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қарори юқорида келтириб ўтилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Боиси, ушбу қарор билан тасдиқланган “2019 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш Концепцияси” ҳамда “2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури”да соҳани ривожлантириш учун аниқ вазифалар белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жойизки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ўрганишлар якуни бўйича илгари сурилган ғоя ва таклифлар ҳам ушбу қарорда ўз аксини топган. Соҳани ривожлантириш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хусусан босма нашрларни мажбурий нусхаларини тегишли ташкилотларга тақдим этилишини тартибга солиш, умумтаълим мактабларида ахборот-ресурс марказлари фаолиятини тугатиш ва кутубхоналар ташкил этиш, барча туман (шаҳар) марказларида босқичма-босқич ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш, туман (шаҳар) марказларида ҳокимликлар томонидан ахборот-кутубхона марказларини қуриш учун ер майдонлари ва бўш биноларни ажратиш, ахборот-ресурс марказларида давлат-хусусий шериклик асосида тажриба шаклида хусусий шерикларга бериш орқали моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби таклифлар шулар жумласидандир.

Қарорда эътиборни тортадиган яна бир жиҳат, 21 май санасини “Кутубхоначилар куни” деб эълон қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ушбу кунда кутубхоначиларнинг кўп йиллик меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини муносиб рағбатлантириш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш масаласи зиё масканига ошно қалбларда кўтаринкилик акс этди десам, асло муболаға бўлмайди. Зеро, ахборот-ресурс маркази бўладими, ахборот-кутубхона маркази бўладими, у ерда ишлаётган ходимларнинг кутубхона фондидаги китобларни кўз-қорачиғидек асраб-авайлаши, кейинги авлодлар учун мерос қилиб қолдиришидаги меҳнати, заҳматига яраша муносиб жавоб бўлди дейишимиз мумкин.

Ахборот-кутубхона фаолиятини янада ривожлантиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни беқиёс. Шу сабабли ҳам, “2019 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш Концепцияси”да фуқаролар фойдаланиши учун йиғма электрон каталогдан фойдаланишни таъминлаш, корпоратив ахборот-кутубхона тармоқларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилган.

Ҳудудларда бўлган ўрганишлар жараёнида ташаббускор тадбиркорлар томонидан ташкил этилган кўпгина кутубхоналарнинг янги шакллари эътиборимизни торди. Жумладан, Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғида “Халқ кутубхонаси” ташкил этилганлигининг гувоҳи бўлдик. Ушбу зиё маскани ҳудуддаги тадбиркор ва зиёлилар кўмаги асосида ташкил этилган бўлиб, кутубхона фондида 2000 дан зиёд адабиётлар мавжуд.

Яна бир янгилик, Наманган шаҳрида “Наманган китоб олами” Ҳайрия жамоат фонди томонидан “Кўчма халқ авто кутубхонаси” ташкил этилганидир. Ғоя муаллифи ва амалга оширувчиси Маъруфхон Мўминов билан суҳбатлашилганида, ИСУЗУ автобусини қайта жиҳозлаш орқали кўчма кутубхона ташкил қилинганлигини, ушбу авто кутубхона ҳар ойда тўртта секторга бориб, катталар учун 12 минг сўм, болалар учун 6 минг сўм эвазига йиллик обуна бўлиш орқали бир йил давомида турли жанрлардаги китобларни ўқиш имкониятига эга бўлиш мумкинлигини билдирди.

Юқоридаги каби ташаббуслар республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Албатта ушбу ташаббусларни рағбатлантириш, молиявий кўмак бериш, ушбу ишга бел боғланган ташаббускорлар сонини янада кўпайтириши табиий.

Шу мақсадда, “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда. Қонун лойиҳада, туман марказларида ахборот-кутубхона марказларини ташкил этишни (амалдаги қонунда ахборот-кутубхона вилоят марказларидаги 14 та универсал кутубхоналар назарда тутилган), таълим муассасасидаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини тартибга солишни (умумтаълим мактабларида АРМлар фаолиятини тугатиш орқали мактаб кутубхоналарини ташкил этиш), давлат-хусусий шериклик асосида ахборот-кутубхона марказларини ташкил этишнинг алоҳида хусусиятларини белгилаш, ташаббускор тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар бериш назарда тутилади.

Мухтасар қилиб айтганда, китоб маҳсулотларини ишлаб чиқиш, тарқатиш ва китобни мутолаа қилиш учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ҳар қандай амаллар негизида энг аввало илм-фанни ривожлантиришга, маънавиятни юксалтиришга, мамлакатимизни тараққий этишига, буюк алломаларимиз Мотрудий, Ал Бухорий, Ал Беруний, Ал Хоразмийларга мос авлод бўлиб камол топишимизга хизмат қилади.

 

 

Шухрат Тўхтабоев,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz