ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Жонажон Ўзбекистонимиз – миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимламоқда 09.07.2019

Жонажон Ўзбекистонимиз – миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимламоқда


Ҳар бир инсону жонзотнинг ўз ватани бор. Ҳаттоки, гулу гиёҳ ҳам бир парчагина тупроқни ватан тутиб, униб ўсади. Биз эса туғилиб ўзган еримизни, қишлоғимизни, маҳалламизни, Она Ўзбекистонимизни Ватан деб биламиз.
   
Киндик қонимиз тўкилган бу заминнинг ҳар бир қарич ери, ҳар ҳовуч тупроғи қадрли бизга.
  
Юртимиз мустақилликка эришганига ҳам саноқли кунлардан кейин 28 йил тўлади. Тўғри, 28 йил тарих учун жуда қисқа давр. Аммо бу 28 йил ичида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон том маънода дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топди ва миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимламоқда.

Шижоаткор халқимиз эса инсон ўз меҳнати билан дунё аҳлига “чўлда ҳам гиёҳ ундира олиши мумкин эканлигини” яна бир бор исботлаб бера олди.
Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

Президентимиз томонидан шу йил 8 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига биноан, мазкур қутлуғ санага бағишлаб ўтказилажак барча тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”, деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилиши белгилаб қўйилди ва ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилади.

Белгиланганидек, ушбу дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Албатта, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин ўтган ҳар бир кунимиз халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир амалий намоёни, эркин, озод ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида янги тарихимиз солномасига том маънода ёрқин саҳифа бўлиб кирмоқда.
  
2018 йил якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 407,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, аҳоли умумий даромадлари 286,3 триллион сўмни ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан 110,3 фоиз реал ўсиш суръатига эришилди. Йил якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 33,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 27,3 фоизга ўсди.

Бугунги шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгармоқда. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” лойиҳалари асосида олиб борилаётган ишлар “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” тамойилига амал қилинган ҳолда аҳолига янада қулайлик яратиш, турмуш шароитини яхшилаш мақсадида олиб борилаётгани таҳсинга лойиқ. Ҳатто, энг чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, таълим муассасалари, спорт иншоотлари, маҳалла гузарлари кишига завқу шавқ улашади.
  
Мамлакатимизда оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий тиббиёт муассасалари қурилиб, энг сўнгги жиҳозлар билан жиҳозланаяпти. Шифокорларимиз энг ривожланган давлатларда малака ошириб қайтишмоқда.

Юрт тақдирини билимли, ҳар жабҳада етук фарзандлар белгилаб бериши ҳар биримизга сир эмас. Уларга таълим тарбия берувчи инсонлар меҳнати эса қадрланмоқда, эъзозланмоқда.

“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”. Бу йўлда олиб борилаётган ишларимиз ҳам мақтовга арзигуликдир. Бугун ҳудудларимизда 300 дан зиёд мусиқа ва санъат мактаблари, 2000 дан зиёд спорт иншоотлари келажагимиз ворисларига хизмат қилмоқда, болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси йил сайин ошиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, барча эришаётган ютуқларимизнинг асоси мустақиллигимиз яратиб берган имкониятлардир.

Ҳадемай мустақил диёримизнинг 28 ёшини нишонлаймиз. Ҳар биримиз юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга ўз улушимизни қўшайлик.




Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП фаоли


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz